Ўрта Осиёда яратилган моддий ва маданий ёдгорликлар минтақа халқлари маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатиб, тасаввур ва тафаккурларининг бойитишга ёрдам берган. Бунга асрлар давомида маҳаллий аҳолининг касб машғулотлари, давр ўзгаришлари, халқларнинг кўчиши, турли халқлар эътиқодларининг маҳаллий анъаналар билан трансформацияга учраши сабаб бўлган. Маълумки, Марказий Осиёга ислом дини кириб келгач, Мовароуннаҳрда маҳаллий анъана ва қадриятлар “Ислом маданияти” билан уйғунлашди. Жумладан, ислом маънавияти Қашқадарё воҳаси аҳолиси ҳаётига ҳам катта таъсир кўрсатиб, бу ерда ноёб маданий ва маънавий мероси, анъаналарига эга ўзига хос қурилиш услуби ривожланди. Ўрта асрлар мобайнида воҳа сўғд, турк ҳоқонлиги, араб халифалиги, қарлуқлар, сомонийлар, қорахонийлар, қарлуқлар, хоразмшохлар, чингизийлар, темурийлар салтанати ва Бухоронинг турли сулолалари каби шарқнинг йирик давлат бирлашмалари таркибида бўлиб келган. Вилоятнинг бир қатор меъморий ёдгорликлари бу ерда таваллуд топган буюк сиймолар номи билан аталади. Шу билан бирга, воҳада ислом олами намояндалари: тасаввуф вакиллари, саҳобалар, саййидлар, хўжалар номлари билан боғлиқ ҳақиқий ва рамзий қабрлар бўлган мақбаралар ҳам мавжуд.