Жаҳон тамаддунининг ажралмас қисми ҳисобланган Марказий Осиё халқлари диний-маънавий ҳаётида ибодат ва диний эътиқод масаласини, жумладан, зиёратгоҳларни тарихий ракурсда тадқиқот объекти сифатида ўрганиш алоҳида ўрин эгаллайди. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир халқнинг ижтимоий-маданий ҳаётида дин билан боғлиқ анъана, урф-одат, маросим ва байрамлар кишилар турмуш тарзининг ўзига хос ҳодисаси сифатида намоён бўлади. Ўзбек халқи турмуш тарзида ҳам тарихий минг йилликлар давомида ўз миллий ва диний урф-одат, расм-русумлар билан боғлиқ анъаналар сақланиб қолган. Ана шундай қадриятлардан бири муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш одати ҳисобланади. Француз олими Д.Сурдель исломдаги муқаддас культларда ибодат, зиёратгоҳлар ва уларга ташриф масаласида фикр билдириб, диний ритуаллар авлиёларни улуғлаш маҳаллий шомонлик анъаналари билан интеграциялашганини, бу янгилик халқлар орасида тарқалиб кетгандан сўнг каноник амалиёт сифатида қабул қилинганини таъкидлайди.